20:26 Оила ёшлар нигоҳида» онлайн мулоқоти | |
![]() «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан «Мустаҳкам оила – жамият пойдевори» мавзуидаги туркум онлайн мулоқотлар ўтказилмоқда. Бугунги маданиятлар глобаллашуви даврида миллатнинг асрлар давомида шаклланган синашта маънавияти, қадриятлари уни ташқи таъсирлардан, оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилади. Энг қадимий ижтимоий институт ҳисобланган оила ҳар қандай миллатнинг маънавияти, маданияти ва миллий анъаналарининг бешигидир. Президентимиз фикри билан айтганда, ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, ахборот глобаллашуви даврида ёшларни тўғри йўналтириш, ёшлар онгини зарарли ва ёт ғоялардан ҳимоялаш, «Мустаҳкам оила йили» давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан UZINFOCOM маркази ҳамкорлигида жорий йилнинг 8 мартидан бошлаб «Мустаҳкам оила – жамият пойдевори» мавзуидаги туркум ижтимоий онлайн мулоқотлар ўтказилмоқда. 15 март куни ҳаракатнинг Марказий Кенгаш биносида ташкил этилган «Оила ёшлар нигоҳида» мавзуидаги онлайн мулоқот Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, ёш актёрлар Алишер Узоқов, Адиз Ражабов ҳамда «Оила» илмий-амалий маркази эксперт¬лари иштирокида бўлиб ўтди. «Мустаҳкам оила йили» давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда, ёшлар орасида маърифий ишларни кучайтириш, баркамол авлод тарбияси, унинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар ва негизларни яратиш, ёшларнинг юксак маънавиятга ҳамда тафаккурга интилишларини рағбатлантириш бу галги онлайн мулоқотнинг асосий мақсад-вазифалари этиб белгиланди. Тадбирни юртимизнинг турли ҳудудларида, шаҳар ва қишлоқларида истиқомат қилаётган хотин-қизлар, «Камолот»нинг барча ҳудудлардаги фаол етакчилари ва аъзолари, Kamolot.uz сайтида рўйхатдан ўтган ёшлар, хорижда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар кузатиб бориб, ўз саволлари билан иштирок этди. Савол-жавоблар оила ва унинг инсон ҳаётидаги ўрни, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни кенг қарор топтириш, миллий менталитетимизга ёт бўлган ва кучайиб бораётган турли хил зарарли таъсирларга қарши туришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш мавзуларини қамраб олди. Онлайн формат ёшлар учун, шубҳасиз, анча қулай ва тушунарли. Шу билан бирга, мулоқот нафақат виртуал маконда, балки реал вақт шароитида ҳам олиб борилганини таъкидлаш жоиз. Яъни, «Камолот» Марказий Кенгаши биносига йиғилган ёшлар меҳмонларга ўз саволлари билан мурожаат этди. Онлайн мулоқотнинг бош меҳмонлари сифатида ёшларимизни ва ёш оилаларимизни миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиз руҳида тарбиялаш мақсадида, ибрат бўла оладиган фаол инсонлар, спортчилар, олимлар, севимли санъаткорлар ва намунали оилалар таклиф этилмоқда. Бугун юртимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 8 миллионга етган. Кимдир телефон, кимдир компьютер ёрдамида интернет тармоғини мунтазам кузатиб боради. 8 март куни илк маротаба ўтказилган онлайн мулоқотни жами 2000 га яқин ёшлар кузатиб борган. Мулоқот чоғида жами 100 га яқин савол етиб келган. Уч соат давом этган мулоқот давомида меҳмонлар сараланган 60 дан ортиқ саволга жавоб берган. Илк онлайн мулоқот кузатувчиларининг 437 нафарини хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонликлар ташкил этди. Етти ҳафта мобайнида ўтказиладиган онлайн мулоқот замонавий уй бекасининг фарзанд камолидаги ўрни, боладаги иқтидор кўникмаларини шакллантиришда оналик зеҳнининг аҳамияти, оила саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш, оммавий маданиятдан ҳимояланишда оиладаги миллий қадриятларнинг ўрни каби мавзуларни қамраб олади. Ҳаракатнинг бошланғич ташкилотлари, етакчиларининг фаоллигини ошириш мақсадида, мулоқотнинг якуний – 26 апрель куни бўлиб ўтадиган ҳисобот тадбирида иштирокчилар «Энг яхши савол», «Энг фаол кенгаш», «Энг фаол аёл иштирокчи», «Энг фаол меҳмон» каби йўналишлар бўйича тақдирланади. | |
|
Всего комментариев: 0 | |