20:33 БМТда Наврўз нишонланди | |
![]() Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Шарқ халқларининг Янги йили — яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўз байрами нишонланди. Унда БМТ Бош котиби ҳам иштирок этиб, дунё халқини мана шу эзгу байрам билан табриклади. “Наврўз оила, дўстлар учун, миллий таомлар тановули учун, куй ва рақс учун бағишланадиган кун. Бу кун барча жамиятларда ўзаро ҳурмат ва уйғунлик қадрланадиган айём”, деди у, жумладан. Пан Ги Мун, шунингдек, Наврўз озодалик, қайта туғилиш, эзгу ниятлар ва тинчлик шарафланадиган кун эканлигини айтиб ўтди. БМТ раҳбари дунёдаги ўзгаришлар кескинлашаётган бир шароитда Наврўз сингари байрамларнинг нишонланиши одамларда ҳамжиҳатликни, табиат ва жамият уйғунлигини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Пан Ги Мун жаноблари, шу билан бирга, Наврўз янгиланиш ва яшариш учун ниятлар куни эканлигини алоҳида эътироф этди. “Шунинг учун бугун — баҳорнинг биринчи кунида дунёга тинчлик, хотиржамликни, эзгуликни тилайлик”, дея даъват этди. Байрам тадбирида БМТга аъзо 12 мамлакат вакиллари томонидан миллий таомлар қўйилган дастурхон тузатилиб, Шарқ халқларининг мумтоз куй-қўшиқлари янгради. Наврўз байрами билан боғлиқ анъана ва қадриятлар мажмуи, яъни Наврўз 2009 йилда ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхати”га киритилди. Бугунги кунда ЮНЕСКОнинг мазкур рўйхатида ташкилотга аъзо давлатларнинг жами 92 та дурдонаси жой олган бўлса, улар орасида Ўзбекистон номоддий маданий меросининг 4 та намунаси бор. Булар Бойсун тумани маданий мероси (2001 йил), “Шашмақом” мусиқа анъаналари (2003 йил), Наврўз ва Катта ашуладир (2009 йил). Наврўз байрамининг ушбу рўйхатга киритилиши, табиийки, ҳар биримизни ғурурлантиради. Чунки Наврўз биз учун нафақат яшариш ва янгиланиш, балки бунёдкорлик ва яратувчилик байрами сифатида ҳам қадрлидир. Наврўзда инсонларнинг бири-бирига нисбатан ўзаро ишончи ва ҳурмати ошади. Ёшу қари кўчаю хиёбонларга, гузар ва сайилгоҳларга, дашту далаларга, қир-адирларга чиқади. Сайил қизийди: ҳофизу хонандалар хониш қилади, бахшилар дўмбира чертади, терма ва лапарлар янграйди, аскиячи ва қизиқчиларнинг ичакузди латифаю пайровлари кўнгилларга шодлик улашади. Кишилар дорбозу морбоз, масхарабозу қўғирчоқбозлар баҳси, улоқ-кўпкари, пойга, кураш, мерганлик томошаларидан завқланадилар. | |
|
Всего комментариев: 0 | |